1 июнь – «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» Тошкент ҳарбий округи ушбу сана муносабати билан барча болаларни қутлайди!

2

Болалар – умр баҳорининг энг гўзал чечаклари. Улар ҳаётимизга моҳият бахш этади. 1 июнь – “Халқаро болалар куни”. Бу кунни айнан 1 июнь санасида нишонлаш таклифи 1925 йил Женевада илгари сурилган. 1950 йилдан эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида бутун дунёда “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни “сифатида нишонланиб келинади. Мазкур сананинг асосий моҳиятларидан яна бири унинг байроғида ҳам ўз ифодасини топган. Унда акс эттирилган ер шари инсониятнинг , болаларнинг умумий уйи ҳисобланса, атрофидаги болалар бахт-саодат учун бирлашганидан далолат беради.
“Болалар куни” биринчи марта Туркия Республикаси томонидан 1920 йил 23
апрельда расмий равишда миллий байрам деб эълон қилинган. Мамлакатда “Болалар куни” 1920 йилдан бери миллий миқёсда нишонланиб келинмоқда, ҳукумат ва ўша вақтдаги газеталар бу кунни “Болалар учун кун” деб эълон қилган эди. Бу борадаги расмий ҳукумат декларацияси 1929
йилда Туркия Республикасининг асосчиси ва Президенти Мустафо Камол Отатурк томонидан эълон қилинди.

Таъкидлаш лозимки,“Болалар куни” 1857 йил июнь ойининг иккинчи якшанбасида AҚШнинг Массачусетс штати, Челси шаҳридаги Универсалист черкови пастори, доктор Чарлз Леонард томонидан бошлаб берилган бўлиб, бу кун “Aтиргул куни” деб аталган. Лекин кейинчалик “Болалар” куни деб номлана бошланган.
1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” дунёнинг 50 га яқин мамлакатларида нишонланса ҳам, бошқа кўплаб давлатларда ҳар йили 20 ноябрь куни “Халқаро болалар куни” сифатида бирдек нишонланади.
1959 йил 20 ноябрьда “Бола ҳуқуқлари декларацияси” 1989 йил 20 ноябрьда “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинди ҳамда бу каби муҳим халқаро ҳужжатларнинг қабул қилиниши жаҳоннинг кенг жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди.
Халқаро ЮНИСЕФ ташкилоти ҳам жаҳоннинг минг йиллик дастурларини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатиб, болаларнинг эҳтиёжларига мос келадиган саккизта мақсадларни минг йиллик дастурларга киритишга эришди.
Умумжаҳон болалар куни бу нафақат болаларни кимлигини нишонлаш куни, балки бутун дунё бўйлаб зўравонлик, эксплуатация ва дискриминация шаклида зўравонликка дуч келган болаларни ҳимоя қилишга ҳам чорлайди.
Баъзи мамлакатларда болалар меҳнат кучи сифатида ишлатилади, қуролли можароларда аскар сифатида фойдаланилади, кўчаларда яшайди ёки ногиронлиги туфайли азобланади. Урушнинг таъсирини сезган болалар қуролли можаро туфайли бошқа жойга кўчирилиши ва жисмоний ва руҳий жароҳатларга дучор бўлишмоқда.
Ҳозирги кунда 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 153 миллионга яқин болалар меҳнат жалб қилинган.
Ушбу сана айнан мурғак вужудларни ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга алоҳида эътибор кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.
Тошкент ҳарбий округи ушбу сана муносабати билан барча болаларни қутлайди !

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати