Ҳарбий қисмда ўтказилган меҳнат ярмаркасида кўплаб ҳарбий оилалар ишли бўлди (+фото)

2

Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида “Ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари бандлигини маъминлаш муҳим вазифамиз” мавзусида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда Мудофаа вазирлиги ҳамда Тошкент ҳарбий округи хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича мутахассислари, Чирчиқ ҳарбий прокуратураси, Тошкент вилоятининг “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва турли ҳунармандчилик ва мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этишди.


Ушбу меҳнат ярмаркаси ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга ҳунармандчилик сирларини ўргантиш, бўш иш ўринларида фаолият юритишларини таъминлаш билан ҳам аҳамиятлидир.


Сўзга чиққанлар ушбу ярмарканинг амалий самарадорлиги ҳақида тўхталар экан, аввало ҳарбий оилаларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг фарзандларини билим олишга қизиқтириш, китоб билан дўст тутинишларига кўмаклашиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтишди.


Тадбир жараёнида айниқса “Тадбиркор аёл” ва ҳунармандлар уюшмаси томонидан олиб борилган ўқув машғулотлари бир қанча оилаларда тадбиркор бўлиш истагини уйғотди. Айрим оилалар шу ернинг ўзида ташкилот вакиллари билан меҳнат шартномасини имзолаб, ишли бўлишди.


Шунингдек, арзонлаштирилган озиқ-овқат ва ҳунармандчилик маҳсулотлари, турли бадиий китоблар ва ўқув қуроллари ташриф буюрганларга бирдек манзур бўлди.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати