НЕГА ДЎППИ КИЙМАЙ ҚЎЙДИК?

2

Ҳар бир миллатнинг ўзлигини намоён этадиган, бошқалардан ажратиб турадиган турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари, тарихан шаклланган қадриятлари бор. Асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос сифатида етиб келган урф-одатларимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз умрбоқийликка эга. Бироқ бугунги кундаги одамлар онгида мавжуд давр билан ҳамнафас яшаш, замондан ортда қолмаслик тушунчаси баъзи бир миллий урф-одатларимизнинг, маданиятимизнинг унутилишига сабаб бўляпти, назаримда. Ҳатто қадриятларимизга нисбатан “эскилик сарқити”, “эски турмуш тарзи” дея нописандлик билан муносабатда бўладиганлар ҳам йўқ эмас . Истиқлол шарофати билан миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз қайта тикланди, ўзликни англашга жуда катта эътибор қаратиляпти. Шу нуқтаи назардан мен ҳозирги глобаллашув жараёнида урфдан чиқаётган баъзи бир миллийлигимиз рамзи бўлмиш буюмга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугунга қадар ота-боболаримиз бошини асраган, қолаверса, ўзбек деган миллатнинг рамзларидан бири бўлган миллий бош кийимимиз – дўппини назарда тутяпман. Бугунги кунда негадир ана шу халқнинг ўзлигини англатиб турувчи дўппимиз йигитларга эриш туюлмоқда. Аксарият ёшларимизда бу бош кийимни кўрмай ўрганиб ҳам қолишган назаримда. Албатта, биз демократик, озод ва эркин жамиятда яшаяпмиз. Шундай экан, ҳар кимнинг танлови ўз ихтиёрида. Аммо ғарбона шляпа, кепка (буретка, вандамка) каби бош кийимларни  кийган ёшларимиз нега дўппини унутаёзди? Айниқса, тўй ёки бошқа маросимларда зарурат юзасидан дўппи кийган ёшларни кўриб, ҳавасим келади. Зеро ҳозирги кунга дўппимиз фақатгина таъзия бўлган хонадонларда ёки жанозага боришда кийилмоқда.

Марҳум шоир Муҳаммад Юсуф ҳам куюнчаклик билан «Дўппи киймай қўйди одамлар» номли шеърини ёзганда шу мавзуларни таъкидлаган эди. Ҳар ким ўзи хоҳлаган, дидига мос кийимни кийиши мумкин. Бироқ инсон қалбида миллатпарварлик, ғурур, фахр туйғулари сабаб ғарбона кийиниш ҳар доим ҳам мақбул иш эмас, бизнингча.

Муҳаммад Хўжанов