Ангрен шаҳридаги ҳарбий қисм ташкил топганига 21 йил тўлди (+фото)

2

Шу муносабат билан ҳарбий қисмда тантанали маросим ташкил этилди. Унда Тошкент ҳарбий округи Қўмондонлиги вакиллари, Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисм масъуллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.


Маълумки, Ангрен шаҳрида жойлашган ушбу ҳарбий қисм ўз салоҳияти билан кўплаб марраларни забт этиб келмоқда. Бугунги кунда ҳарбий қисм бўлинмалари душманнинг ҳаводан ва ердан келаётган кучларини яксон этувчи янги ва замонавий қурол-яроғ, ҳарбий техникалар билан тўла таъминланган бўлиб, шахсий таркиб жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида юқори натижаларга эришиб келмоқда.


Тўпчилар дивизиони, разведка взводи, зенитчилар батареялари, кимёдан муҳофаза взводи бўлинмалари округ миқиёсида ўтказилаётган касбий мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Байрамона руҳда саф тортган ҳарбий хизматчиларга Тошкент ҳарбий округи Қўмондони ва ҳарбий қисм командирининг табриги ва буйруқлари ўқиб эшиттирилиб, ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати