Янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг бир куни… (+фото)

3

Тошкент ҳарбий округига қарашли Чирчиқ округ полигонида эндигина муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган ҳарбий хизматчилар билан амалий машғулотлар олиб борилмоқда. Белгиланган тартибда карантинда сақланган ёш ҳарбий хизматчилар ўқув машғулотларини юқори кайфият ва зўр ғайрат билан олиб боришмоқда.
Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати жамоаси округ полигонига ташриф буюриб, ҳарбий хизматчиларнинг бир кунлик ўқув машғулотларини ёритишга ҳаракат қилди.
Барча шарт-шароитларга эга бўлган замонавий кўринишдаги полигон бир қарашда ҳар бир инсонни ўзига жалб қилиши шубҳасиз. Биз ҳарбий хизматчиларни тонгги машғулотлар жараёнида кузатдик. Биринчи ўқув нуқтасида ёш ўғлонлар билан жисмоний машқлар олиб борилиб, бунда улар қатор жисмоний машқ нормаларини бажариб ўтишди.

Иккинчи ўқув нуқтасида эса шахсий таркиб жамоаларга бўлинган ҳолда, волейбол мусобақасида ўзаро беллашди. Мусобақа холис ва ҳаққоний баҳолаб борилди ва умумий натижаларга кўра ғолиб жамоалар аниқланди.


Учинчи ўқув нуқтасида эса ҳарбий хизматчилар 100 метрлик масофага тезкор югуриш орқали баҳолаб борилди.


Ва ниҳоят жисмоний машқлардан куч олган аскарлар барчага бирдек ёқадиган машғулот – бешинчи ўқув нуқтасига жам бўлишди. Бунда улар АК-74 ўқотар қуролини белгиланган меъёрлар асосида сочиш ва йиғиш бўйича ўзаро баҳслашишди. Қурол билан олиб бориладиган ҳар қандай жараёнга жисмоний етукликнинг ўзи камлик қилади. Бунда чаққонлик ва аниқлик, зукколик мезонларига таяниш муҳим рол ўйнайди. Қайсидир маънода илк машғулотларданоқ қурол билан тил топишган ҳарбий хизматчидан келажакда яхши натижаларни кутиш мумкин.


Дарвоқе, ҳарбий хизматчиларни жамоавий бирлигини оширишда эстафеталарнинг ўрни беқиёс. Жамоалар тўртинчи ўқув нуқтасида йиғилиб, якка ва жамоавий тартибда эстафета мусобақаларида иштирок этишди. Бунда ҳар бир гуруҳдан 4 нафар иштирокчи жамоа шарафини ҳимоя қилди.


Қурол билан дўст тутинган ҳарбий хизматчи шубҳасиз тактик ҳаракатларда ҳам ўзини эркин тута олади. Навбатдаги машғулот мавзуси аскарнинг жангдаги ҳарактлари ҳақида бўлиб, бунда ҳарбий хизматчилар “зигзаг” ва турли тактик усулларда ҳаракатланиб, окопларга жойлашишади. Бунда ҳар бир жангчи тезкорлик ва эҳтиёткорлик, тўғри ва аниқ нишонга олиш малакасини ошириб боради.


Ҳарбий хизматчининг сафда ўзини тутиши ва шаҳдам қадамлар билан эркин ҳаракатлана олишида саф тайёргарлиги машғулотларининг аҳамияти катта. Айниқса эндигина ҳарбий ҳаётга кириб келаётган йигитлардан саф қоидаларига қатъий амал қилиш, белгиланган нормаларни мукаммал ўзлаштириш зарурлиги талаб этилади.


Ҳарбий қисмдаги муҳим жараёнлардан яна бири бу – ҳарбий психологлар томонидан олиб борилаётган амалий машғулотларда яққол кўринади. Ушбу психологик тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад, ёш аскарларнинг ҳарбий хизмат жараёнларига тезроқ мослаштириш, ҳарбий жамоалар жипслигини таъминлашга амалий ёрдам бериш ҳамда уларнинг индивидуал психологик хусусиятларини ўрганишдан иборат.


Ҳар қандай киши жисмоний бақувват бўлиш йўлида албатта маънавий-маърифий билимларга ҳам суянади. Бу борада ҳарбий қисмда аскарларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун кутубхона, маънавий-маърифий тайёргарлик хоналари ташкил қилинган бўлиб, бунда улар ҳар куни ҳарбий йўналишдаги адабиётлар, бадиий асарлар билан яқиндан танишиб боришади. Айниқса, дам олиш кунларидаги адабий кечалар турли асарлар муҳокамалари, санъат ва мусиқий ижроларга бой бўлиши билан ажралиб туради.


Шу билан бирга, аскарлар учун шинам ётоқхона ва маиший хизмат кўрсатиш хоналари доимий фаолиятини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Ҳарбий хизматчиларнинг ўз вақтида овқатланишлари учун 500 ўринли замонавий ошхона ҳам аутсорсинг тизими асосида хизмат кўрсатиб келмоқда.


Дарвоқе, куни кеча ҳарбий қисмда Ак-74 ўқотар қуролини белгиланган тартибда сочиш ва йиғиш бўйича ҳарбий хизматчилар ўртасида мусобақа ташкиллаштирилган эди. Бугун ушбу мусобақада ғолибликни қўлга киритган жамоа ва иштирокчиларни тантанали тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Энг яхши натижа кўрсатган ҳарбий хизматчилар ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Бундай мусобақаларнинг ўтказилиши юрт ўғлонлари орасида соғлом рақобатни шаклланишига, бу эса келажакда ўз касбининг билимдонларини етишиб чиқишига ишонч уйғотади.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати