100 йиллиги нишонланаётган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ҳақида нималарни биламиз?

4

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг ҳаёт ва ижод йўлини ўйласам, қалбим энтикиб кетади. Бундай улкан ва оғир синовларга дош берган тақдир ўзбек адабиёти саҳифаларида камдан-кам учрайди.
Юртимизда истиқлол қўлга киритилганда севимли адибимиз 71 ёшда эди.
Саид Аҳмад қатағон даврининг иккинчи тўлқинига дучор бўлган, қамоқ азобларини тортган ижодкор эди. Халқимиз бу ҳақда яхши билади, негаки кўп ёзилган. У «аксилшўровий миллатчилар гуруҳи аъзоси, зарарли ғоялар тарғиботчиси» сифатида 25 йилга ҳукм қилинади, Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Жезқазған лагерида бўлади. Унинг «Қоракўз мажнун» ҳикоялар тўплами бу ҳақдаги аччиқ ҳақиқатни рўй-рост ифодалайди. «Борса келмас» лагерида 4 йил азоб чеккан, ҳаётнинг турли синовларини бошдан кечирган адиб «Халқлар доҳийси»нинг ўлимидан сўнг, «айби» юмшатилиб, турмадан озод этилади.
Саид Аҳмад дастлаб «Муштум» журналида, кейинчалик Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, сўнг «Шарқ юлдузи» журналида ишлаган эди. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Тортиқ» 1940 йилда нашр этилган.
Шу-шу ўзбек адабиёти остонасида истеъдодли ёш ёзувчи кўринаётгани адабиёт аҳлига маълум бўлади. Саид Аҳмаднинг ўсмирлик-ёшлик чоғлари Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Бу адибнинг ижодига сезиларли таъсир кўрсатди. Адиб «Хазина», «Ҳайқириқ», «Раҳмат, азизларим» каби ҳикояларида Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли оқибатларини рўйи-рост тасвирлайди.
Саид Аҳмад ҳикояларида тасвирлаши лозим бўлган ҳар бир воқеадан фалсафий умумлашма чиқаради, воқеаларни таъсирчанлик билан ифодалайди, бадиий тасвирнинг хилма-хиллигига эришишга интилади. «Чўл бургути», «Ўрик домла», «Лочин», «Одам ва бўри», «Бўстон», «Тўйбоши» каби қатор асарлари адиб ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янгилик бўлди.
“Саид Аҳмаднинг «Кулгининг кашф этилмаган маънолари кўп… кулгининг бу хилдаги ҳали очилмаган сирлари, сеҳрли жилолари беҳисоб» деган гаплари бежиз эмас. Саид Аҳмад Абдулла Қаҳҳордан кейинги ўзбек адабиётида моҳир ҳикоянавис, ўткир ҳажвчи, халқимиз севиб ўқийдиган кўплаб асарлар муаллифидир. Ёзувчи ижодининг ўзига хослигини бу кулгиларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Кулги адибнинг бош қуроли ҳисобланади. Саид Аҳмад яратган образларнинг бетакрорлиги кулги орқали янада жозибали, ёрқинроқ кўринади”, деб ёзганди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов.
Саид Аҳмад шундай деганди: «Аввало, ҳажвчи халқ тилини, шу тилнинг бутун рангларию оҳангларини бошқалардан кўра нозик ҳис қиладиган ва уни жуда чиройли қилиб, одамлар чеҳрасига табассум пуркайдиган қилиб айтиб бера оладиган маҳорат эгаси бўлмоғи керак. Кулиш осон, кулдириш қийин. Кулгисиз ҳаёт ғоятда зерикарли бўлишини, кулгининг кундалик ҳаётимизда жуда муҳим роль ўйнашини ҳаммамиз биламизку».
Саид Аҳмад ижодининг бу кўркам томонлари, айниқса, унинг «Келинлар қўзғолони» ва «Куёв» комедияларида намоён бўлди. «Келинлар қўзғолони» комедияси ярим дунёни айланиб чиққани ҳақиқат. У шунчалик шуҳрат топдики, одамлар орасида ушбу комедия ҳақида ҳатто латифалар пайдо бўлди. Гўё «Келинлар қўзғолони»ни томоша қилиб турган ёш ҳомиладор келинчак томоша залида туғиб қўйган эмиш.
“Олти йиллик таъқиқлардан сўнг 1979 йилда «Юлдузли тунлар» романим «Шарқ юлдузи» журналида босилиб чиқди. Шунинг қувончи билан яшаётган кунларимнинг бирида Саид Аҳмад акадан машинкада ёзилган қисқагина табрик хати олдим. Мен эъзозлаб, кўзимга суртиб ўқиган бу мактубда Саид Аҳмад ака Бобур ҳақидаги романимни журналда умр йўлдошлари Саида Зуннунова билан бирга кўп жойларини овоз чиқариб ўқиганлари ҳақида ёзган эди. Шундай катта адиб, «Уфқ» романининг биринчи китоби ҳақида Абдулла Қаҳҳордай буюк устознинг ажойиб мақоласи газетада босилган, театр саҳнасидан «Келинлар қўзғолони» спектакли зўр муваффақият билан кўрсатилаётган кезларда менга яна шундай илиқ хат ёзишга вақт топганлари катта олийжаноблик эди”, деб ёзганди Пиримқул Қодиров.
Истиқлол қуёшидан юраги нурланган адиб қувноқ, жўшқин ҳажвиялар, дилбар лирик ҳикоялар яратди. «Хандон писта», «Бир ўпичнинг баҳоси» ва «Йўқотганларим ва топганларим» каби китоблари, янги «Сайланма» асарлари чоп этилди. Айниқса «Йўқотганларим ва топганларим» эссе-хотиралар китоби ўзбек адабиёти тарихида ноёб асар бўлди.
Агар адабиётимиз тарихига назар ташласак, Саид Аҳмаддек кўнгли кенг ва сахий ижодкорлар бармоқ билан санарли. У зот чинакамига жон-тан билан «Мажолис ун-нафоис» эди. «Йўқотганларим ва топганларим»ни варақласангиз, фикримизга шубҳасиз қўшиласиз. Унда 16 нафар ёзувчи ва шоирнинг ҳаёти ҳақида ғоят теран ва теша тегмаган хотиралар берилган. Мазкур хотиралар китоби ҳақида ўйларкансиз хаёлингизга адабиётшунос олим Умарали Норматовнинг қуйидаги фикрлари келади: «Йўқотганларим ва топганларим» каби китобни фақат Саид Аҳмадгина ёзиши мумкин эди. Бу китоб адабиётимизнинг машъум тоталитар режим замонлари босиб ўтган машаққатли ва зиддиятли йўли, адибларимиз қандай оғир шароит ва вазиятларда яшаб ижод этгани, ўшандай замонларда ҳам асл инсоний фазилатларини сақлаб қолгани, ноёб бадиий дурдоналар яратишга эришгани тўғрисида ҳаққоний тасаввур беради”.
Китоб устоз, академик шоир Ғафур Ғулом ҳақидаги «Назм чорраҳасидан репортаж» умумий сарлавҳали хотиралар билан бошланади. Унда ҳар бири адабиётимиз тарихида воқеа бўлган «Йигитлар», «Вақт», «Бахт тонготари», «Хотин», «Сиёҳдон», «Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим» шеърларининг туғилиши ва ёзилиш тарихи ва ҳатто ёзилиш жараёнлари воқеалари ҳаққоний ёритилган.
Китобнинг 91 саҳифасидан «Елкасини ҳақиқат силаган ижодкор» деб номланган хотиралар бошланади. 56 саҳифадан иборат бу хотира эсселар Саид Аҳмаднинг севимли устози Абдулла Қаҳҳорга бағишланган. Уларни ўқиркансиз кўз олдингизда ўта ҳақиқатгўй, адабиётнинг кучи атомдан зўрлигини амалда улуғлаган бадиий сўз устасини кўрасиз.
Илк ҳикояси «Тортиқ» билан адабиётга кириб келган Саид Аҳмад улуғ ёзувчи Абдулла Қаҳҳордан «тарсаки» еган иқтидор эгаси эди. Шундай бўлсада у Абдулла Қаҳҳорнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир сатри мўътабар дарслик бўлганини меҳр билан қайта-қайта таъкидлайди.
Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг «Уфқ» роман-трилогияси ўтган аср ўзбек адабиётининг сара асарларидан бири ҳисобланади. Сўзда хассос, атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор «Уфқ» ҳақида шундай деган эди: “Яхши ёзувчиларимиздан Саид Аҳмаднинг «Уфқ» китоби тенгқурлари орасида ярқираб турибди. Бу китобни китобхон бошдан-оёқ шавқ билан, ҳеч қаерда туртинмасдан, диққати сусаймасдан, иштаҳаси бўғилмасдан ўқиб чиқади”.
Дарҳақиқат, «Қирқ беш кун», «Ҳижрон кунларида», «Уфқ бўсағасида» номли уч китобдан иборат ушбу романни ўқир экансиз, беихтиёр асардан бош кўтаролмай қоласиз. Фикрлар содда, халқонийлиги билан мутолаа жараёнида ўқувчига катта эстетик завқ ва ҳузур улашади.
Албатта, асардаги воқеалар худди битта ипга боғлангандек ривожланиб боради. Бунга сабаб ўтган асрнинг қирғинбарот уруши ва инсониятга келтирган офати тасвирланганида кўринади. Аммо «Уфқ» асарини фақатгина уруш ҳақида ёзилган деб бўлмайди, унда қаҳрамонларнинг ҳаётга муносабати, яшаш тарзи, энг муҳими, инсон тақдири ёритилмаганда адабий жараёнда бу қадар катта мавқега эга бўлмасди.
Шунингдек, «Уфқ» асари асосида пойтахт ва вилоят театрларида бир неча бор спектакллар саҳналаштирилган ва узлуксиз намойиш этилган. Шу маънода, миллий романчилигимизга асос солган Абдулла Қодирий асарларидан сўнг, ўзбек театри саҳналарида энг кўп намойиш этилган асар — «Уфқ» ҳисобланади.
Албатта, бу оддий хол эмас, балки асар қаҳрамонларининг тақдири драматизмга бойлиги, воқеаларнинг халқчиллиги, сюжетнинг зиддиятлар исканжасига қурилганлиги томошабинни ўзига жалб этади. Ва ишонч билан айтиш мумкинки, «Уфқ» роман-трилогияси ҳозирги кунда ҳам ўз мавқеини йўқотгани йўқ.
Адиб «Йўқотганларим ва топганларим»даги битикларидаги «Дилбар шоир эди» сарлавҳали эссе оташин шоир Мақсуд Шайхзодага бағишланган. Унда ғоят қизиқарли воқеалар фақат Саид Аҳмад қаламига хос услубда қаламга олинади. Мақсуд Шайхзода — Озарбайжон халқининг фарзанди. У вақтида бир арзимас воқеа туфайли Тошкентга сургун қилинади. Ўзбекистон раҳбари Усмон Юсупов «халқ душмани ҳам, миллатчи ҳам эмас» дея Мақсуд Шайхзоданинг қамоқдан чиқишига кўмак беради.
Ўзбек адабиётида шоир Миртемир ёрқин из қолдирган. Унга бағишланган бобда айтилишича, у устози Ойбекка ўхшаб кўп ишонувчан, содда киши бўлган. Уни чув тушириш жуда осон эди. Соддалик сабаб баъзи кимсаларнинг ғализ ишларига аралашиб қолиб, Миртемир домла қамалади. “Москва – Волга” канали қурилишида Берия қамчиси остида машаққатли меҳнат таъмини тотади. Қамоқдан қайтгач ҳам айтарли ёруғлик кўрмайди.
Шунингдек, ўзбек адабиётининг нодир саҳифаларига назар ташлар экансиз, оташин шоира Зулфия 35 ёшида севган ёри, турмуш ўртоғидан жудо бўлиб, Ҳамид Олимжон ишқида ўтли мисралар битди. Улкан қалб соҳибаси, зукко олима Зарифахоним Саидносирова — нодир истеъдод эгаси Ойбек билан ҳамиша бирга бўлди. Ёзувчи тилдан қолиб, қўли қалам тутолмай қолган пайтлари умр йўлдошига ҳам тил, ҳам қалам бўлди — пичирлаб айтмоқчи бўлган фикрларини қоғозга туширди. Вафотидан кейин эса жасорат билан “Менинг Ойбегим” деб номланган китобини битди.
Саид Аҳмад ноҳақдан қамалиб кетгач, умр йўлдоши Саида Зуннунова тўрт йил уни матонат билан кутди. Саид Аҳмад қамоқдалик даврида шоира Саида Зуннунованинг бошига ҳам оғир кўргуликлар тушди. Иш беришмади, ёзган шеър, ҳикоялари ҳам “қатағон”га учради.
Мазкур китобдаги “Шоиранинг феруза олами” хотираларини мутолаа қиларкансиз, дийдангиз бардош беролмай беихтиёр кўзингизга ёш келади.
Ҳа, “Йўқотганларим ва топганларим” жуда ажойиб, жуда гўзал китоб. Ундаги Тошпўлат Ҳамид, Асқад Мухтор, Туроб Тўла, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Мақсуд Қориев каби шоир ва ёзувчилар ҳақидаги эссе ва очерклар ҳам фақат Саид Аҳмадона иқтидор билан ёзилган.
Айтганча, Саид Аҳмад “Ханка ва Танка”, “Лампа шиша” каби ўнлаб ҳажвий асарлари билан ўзбек радио ва телевидениесидаги миниатюралар театрига ҳам асос солган, десак хато бўлмайди.
Адиб бугун ҳаёт бўлганида 100 ёшга тўлган бўлар эди. Лекин ўлмас асарлари билан халқ меҳрини қозона олган Саид Аҳмад барҳаёт — у одамлар қалбида, ёдида яшамоқда. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан эл ардоғидаги адибларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром маънавиятимизга берилаётган юксак эътибордир. Адиблар хиёбонида қад ростлаган сиймолар ичида Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг ҳайкали алоҳида ажралиб турибди. Гўё уларнинг зиёси шу маскандан ҳам таралаётгандек.

Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими