Чирчиқда ҳамкор ташкилот вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирокида “Армиямиз – бизнинг фахримиз” мавзусида учрашув бўлиб ўтди (+фото)

2

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда “Армиямиз – бизнинг фахримиз” мавзусида тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг Тошкент вилояти бўлими аъзолари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари, Тошкент ҳарбий округи мутасадди вакиллари, ҳарбий хизматчилар, нуроний-отахонлар иштирок этди.


Тадбирдан кўзланган асосий мақсад пандемия шароитида ҳарбий хизматчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари, уларнинг тун-у кун олиб бораётган хизматларига эътироф этишдан иборат.
Ўзаро мулоқотларда ҳарбий оилалар ва уларнинг фарзандларига берилаётган эътибор, умуман, тизимда бу борада олиб борилаётган ишлар мутахассислар томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.


Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан ҳарбий шаҳарчадаги ижтимоий вазият, оилалардаги эркин муҳит, фарзандларнинг билим олиши ва шу каби қатор йўналишлар бўйича эркин мулоқотлар ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар эндигина ҳарбий хизматга қадам қўяётган ўғлонларимизга ҳарбий ва ижтимоий-сиёсий вазиятларни тўғри англатиш, уларни ватанга садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим функциялари ҳақида фикр билдиришди.
Бу каби тадбирлар кенг кўламда давом этмоқда.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати