Зулфия Зокированинг мангу матонати

2

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига

Эътироф

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йили 9-май Хотира ва Қадрлаш кунидаги нутқида Зулфия Зокировнинг матонатига, сабру бардошига юксак баҳо бериб жумладан бундай дегандилар: “Ёвуз уруш туфайли аянинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Унинг ўзи эса бир умр мотамда яшади. Лекин ҳеч қачон умидсизликка тушмади, ўғилларининг сўнмас хотираси, ёруғ кунлар ёди билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, орзу-умидлари билан яшади. Мана, ўзбек аёлларининг, ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати! Мана, севги ва садоқат мадҳияси, унинг енгилмас куч-қудрати! Мана, ёшларимиз, фарзандларимиз кимдан намуна ва ўрнак олишлари керак!”.

Давлатимиз раҳбари эътироф этган бу аёл Тошкент вилоятининг Хонобод қишлоғида яшаб ўтди. Бир пайтлар тўқайзорларга туташ бўлган қишлоқ бугун кенгайиб, Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб Қўйлиқ билан Ўзгариш ўртасидаги юзлаб салобатли ҳовлилар қад ростлаган обод маҳаллаларга айланди. Катта кичик ҳовлилар ичида Зулфия Зокирова яшаган хонадон ҳалиям қишлоққа файз бўлиб турибди. Зулфия аянинг суюкли ўғли Махамаджон Холматовнинг набираси Фарҳод Муҳаммадиев бу уйнинг чироғини ёқяпти.

—Бувижонимнинг табаррук қадамлари теккан эшик шу. Уни бузиш кўнглимга ботинмади,-дейди у. — Ҳовлидаги уйларни отам раҳматлик бувижонимнинг вафотларидан кейин янгилаганлар. Шуларни ҳисобга олмасак, деярли кўп нарса ўзгармаган. Ҳовли ўша-ўша. Озгина ер қўшилган холос. Ҳар сафар дарвозадан кириб чиққанимда бувижонимни эслаб, ҳақларига дуо қиламан. Шу дарвоза менга доим оиламиз тарихни эслатиб туради.

Хонободдаги тўкис уйнинг келини бўлган Зулфия турмуш ўртоғи Холмат Зокиров билан ўттиз йил бахтли ҳаёт кечирди. Исҳоқ, Аҳмад, Абдуваҳҳоб, Муҳаммад, Юсуф исмли беш ўғил ва Манзура исмли бир қизни дунёга келтирди. Ажаб замонлар эди. Бугунгидек туғуруқхонаю, никоҳ уйлари қаерда дейсиз. Шу туфайли болаларни беш олти ёшида ҳам расмий рўйхатга олишаверарди. Ота-она, қариндош уруғ қайси исмни лозим кўриб чақиришаётган бўлишса, шу қоғозга тушарди. Айнан шу сабабли, Исҳоқ — Исоқжон, Муҳаммад — Маҳамаджон, Абдуваҳҳоб — Ваҳобжон исми билан қайд этилди.

Зулфия Зокирова тўқайзор биқинидаги даласида меҳрибон эри билан ёнма-ён, эл дастурхонини тўкин-сочин қилиш учун ер чопиб деҳқончилик қилди. Қадоқ қўлли эридан ерга муҳаббат қўйишни, ҳалол меҳнат қилиб ризқ топишни, сабрни, тадбирни, Яратганга шукрни ўрганди…

Тутмайиз

1881 йилда таваллуд топган Зулфия Зокирова ўшанда 39 баҳорни қаршилаётганди. Тўнғичи Исоқжон 18 ёшда, кейингилари Аҳмаджон 15да, Маҳамаджон 13да, Ваҳобжон 10да, кенжа ўғил Юсуфжон эса 2 ёшда эди. Эндигина одам таний бошлаган ширингина чақалоқ Манзурани эри-хотин еру кўкка ишонишмасди. Ҳовлидаги чоғроққина супани ҳамма хуш кўришарди. Кунлар исиши билан уч туп нашвати қалин соя ташлайдиган супадан-да оромироқ жойнинг ўзи йўқ эди. Уйнинг бошқа бир четида танасига киши қулочи етмайдиган ёнғоқ бор эди. Улар ҳар йили шунақанги ҳосил берардики… Ҳовли орқасидаги худди эгизаклардек бир-бирига ўхшаш икки туп балхтут, ичкаридаги нок ва ёнғоқ оиланинг катта бойлиги эди. Тут пишиғи келиши билан Зулфия ая Худо берган ҳосилни аввал қўни-қўшниларга, кейин қавми қариндошларга улашарди. Болалар тут мевасига роса тўйишгач, кенжа ўғил Юсуфжон билан Манзурадан ташқари оиладаги ҳамма тутмайиз ёйишга киришарди. Орадан ёз чилласини ўтказиб нок пишарди. Уни ҳам ёйиб қуритишарди. Зулфия Зокированинг бу уддабуронлиги бутун оилани қаҳратон қишда тутмайиз, қуритилган олма, нок, ўрик, жийда, талқон ва мураббо билан таъминларди. Танча атрофида ғужғондек тўпланган болалар талқон билан тутмайизни мазза қилиб ейишарди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнининг келди-кетдисида дастурхонни нок ва тут мураббоси безарди. Кишилардаги сабр-қаноатнинг, бир-бирига бўлган меҳр оқибатининг чеки йўқ эди ўша пайтлар. Эрлар ориятли, аёллар иболи, муслима ва ҳалийма эди.

Васият

Бутун оила танчага йиғилган кезларда, Холмат ота кенжа ўғил Юсуфжонни беҳад суйиб эркаларкан: “Онаси бошқаларингни билмадим-у, шунинг жуда зукко-да. Худо умр бериб уни олим бўлганини кўрсайдим”-дерди. Зулфия хоним эрининг бу гапларига жавобан: “Нималар деяпсиз. Ҳали сиз билан Юсуфниям, Манзураниям болаларини боқамиз. Ноумид шайтонга йўл берманг”-дерди. Эрининг гапларидан Зулфия ая ич-ичидан эзила бошласа-да, мум тишлаб, дардини ҳеч кимга билдирмасди. Юраги алланималарни ҳис этар, кун сайин эрига парвонадек гирдикапалак бўларди. Ўзининг ҳолатини сезган Холмат ота ҳам бир нарса демасди. Ҳар сафар ёлғиз қолишганида, аёлининг пешонасига қўлларини қўйиб силаркан, паст овозда: “Ҳақингга рози бўл хотин! Паймонам тўлганга ўхшайди. Ёмон тушлар кўряпман. Болалар билан қанақадир урушнинг ичида юрибмиз. Оқпошшонинг уруши тугаганди-ку! Ҳайронман бу қанақа жанг бўлди. Нима бўлганда ҳам бандамиз Омонатни сўраб келса, “Ла илоҳа, иллаллоҳ!” демоқдан ўзга иложимиз йўқ. Сен сабр-қаноатли, зукко аёлсан. Болалар сенга омонат!!!”-дерди холос. Бу видолашувлар узоққа чўзилмади. Суронли ўттизинчи йиллар яқинлашаётганди. Кунларнинг бирида, Холмат отанинг қўққисдан ичи бураб оғрий бошлади. Дард соат сайин кучайиб, алпдек эркакни букиб қўйди. Зулфия ая нима қилишни билмасдан, ҳали у қўшнига, ҳали бу қўшнига югурди. Қариндош уруғга одам жўнатди. Бир пастда ҳовли одам билан тўлди. Лекин ҳеч кимдан жўяли фикр чиқмади. У пайтларда табибнинг гиёҳию, қўшночнинг иримидан бошқа давонинг ўзи йўқ эди. Уч кунда Холмат ота қазосига яқинлашди. Ич оғриғи кучайиб, омонатни Яратганга топширди.

Файзли оилалар

Яратганнинг тақдири туфайли ҳайҳотдек ҳовли отасиз ҳувуллаб қолди. Бироқ оқила аёл ўзини йўқотмади. Қариндош-уруғ, элу халқ кўмагида ҳовли орқасидаги бўш ётган ердан аввал тўнғичи Исоқжонга, кейин Аҳмаджон билан Ваҳобжонга ёнма-ён қилиб, бир уй бир даҳлиз бошпана кўтаришди. Аёл боши билан тиниб тинчимай, шу уйларга келин туширди. Маҳамаджон эса онаси билан ота ҳовлисида қолди…

Исоқжон 1936 йили ўғил фарзандли бўлди. Зулфия ая қувончдан танасига сиғмасди. Нега қувонмасин, отасиз катта қилган фарзандлари бирин- кетин эл олдига тушяпти. Тўнғич набиранинг исмини Ватанига, ота-онасига садоқатли бўлсин дея, Содиқ қўйишди. 1937 йили эса, Аҳмаджон ўғилли бўлди. Зулфия ая унга Раҳимжон деб исм берди. Орадан бир йил ўтиб, кейинги фарзанди Маҳамаджон ҳам ўғилли бўлди. Уни Турғун деб аташди. 1939 йилда Ваҳобжон хонадонида ҳам ўғил фарзанд дунёга келди. Зулфия ая уни яхши ниятлар билан Манноп деб чақирди.

Бирин-кетин туғилган ўғиллар бу катта оилага қут-барака келтирди. Исоқжон ака ветеринарлик касбини эгаллади. Аҳмаджон ва Махамаджонлар ўша даврдаги колхоз фаолларидан бўлишди. Юсуфжон эса отасининг орзусидаги йигит бўлиб етишди. Тошкент педагогика институтини тамомлаб, илмини мукаммаллаштириш илинжида Москвага йўл олди. Булар онани ҳам қувонтирар ҳам хавотирга соларди.

Шум хабар

Орадан икки йил ўтиб, Зулфия аядаги безовталик сабаби юзага чиқди. Уруш бошланганлиги ҳақидаги шум хабар бу ерга ҳам етиб келди. Қишлоқдаги эркакларни бирин-кетин фронтга териб кета бошлашди. Зулфия ая кўпга келган тўйнинг хабарчиси бир куни бу ҳовли эшигини ҳам тақиллатишини яхши фаҳмларди. Исоқжон ўша кунларда 39 ёшда, Аҳмаджон 36да, Маҳамаджон 34да, Ваҳобжон 31 ёшда эди. Ҳеч ким уларни Ватан ҳимоясига боришига тўсқинлик қилолмасди. 1941 йили дастлаб Аҳмаджонни ҳарбий комиссариатга чақиришди.

—Отамни яхши эслайман, ўшанда беш ёшда эдим, —  дейди Зулфия аянинг набираси Раҳимжон Ахмаджонов. — Онам укамга ҳомиладор эди. Отамни қўққисдан олиб кетишган, биз ҳам бехабар қолганмиз. Зулфия бувимнинг айтишича, Янгибозордаги отлиқ аскарлар дивизионида ҳарбий тайёргарликдан ўтказишган. Бир куни сафдошлари билан уйга меҳмонга келишди. Ўша ҳолат кечагидек кўз ўнгимда. Бувижонимнинг ҳовлисидаги супада қанча ўтиришган бўлишса, отам мени бир дақиқага ҳам тиззаларидан туширмадилар. Эркалаб сочларимни силар, танамни тинимсиз ҳидлардилар. Ўшанда болалигим туфайли бу оталик меҳри эканлигини тушунмаганман. Бувим ва онам ош дамлашди. Эртасига улар йўлга тушишди. “Тошкент товарный” бекатидан урушга кузатдик. Орадан ойлар ўтиб, онамнинг кўзи ёриди. Бувижоним укамга Комил деб, исм қўйди. Умри қисқа экан, беш ёшлигида вабо касалига чалиниб вафот этди. Оллоҳ раҳмат қилсин!

Отамдан хат келди. Унда: “Сталинград яқинидамиз. Тез кунларда душман билан жангга кирамиз. Онамни, ўзингни, Раҳимжонни эҳтиёт қил. Исоқжон акамдан хат-хабар борми? Биздан яна кимлар урушга кетди? Юсуфдан хат келдими? Мендан ҳаммага салом айт. Кичкинани исмини нима қўйдиларинг”– деган сўзлар битилганди. Онам раҳматлик шу бир энлик мактубни бағрига босиб, хурсандлигидан танасига сиғмасди. Уни кечалари такрор-такрор ўқиганидан мактубдаги сатрлар менга ёд бўлиб кетганди.

1941—1943 йиллларда Зулфия Зокирова биратўла алп қоматли тўрт нафар ўғлини фронтга жўнатди. Кенжаси Юсуфжон уруш бошланишидан анча олдин тахминий маълумотларга кўра, 1938 йилда Москвага ўқишга кетганича қайтмади. Уруш бошлангач, ундан бир маротаба хат келди. Юсуфжон бу мактубида Ленинград фронтида жанг қилаётганлигини ёзганди.

Кузойдин

Шафқатсиз уруш туфайли алп келбатли ака-укалардан бирин-кетин қора хат кела бошлади. Зулфия Зокирова 1943 йили икки нури дийдаси — Аҳмаджон билан Юсуфжонга аза очди. 1944 йили Ваҳоб Холматовнинг ҳам қаҳрамонларча ҳалок бўлгани маълум бўлди.

—Уруш йиллари каттаю кичик тинимсиз меҳнат қиларди, — дейди Раҳимжон Аҳмаджонов.—Ойдин кечаларда аёллар ва ёш қизлар буғдой ўришарди. Чунки техника йўқ, эркаклар фронтга кетган, қўл меҳнати устун эди. Бечора аёллар эртасига ўрилган ғарамларни янчиб дон қилишарди. Кейин қопларга жойлаб, фронтга жўнатишарди. Бир сиқим бўлса-да ғаллани олиб қолиш катта жиноят эди. Хўжалик раҳбарлари бўшаган майдонларга сабзи, пиёз, карам, картошка, ошқовоқ эктиришарди. Ҳосил етилгач, бувижоним етакчилигидаги аёллар мева-сабзавотларни ювиб, тозалаб, тўғрашарди. Пахта сушилкаларида қуритиб, махсус қопларга солишарди. Кейин от аравага юклаб вокзалга олиб боришар, вагонга ортишиб фронтга жўнатишарди. Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун эди.

Оч қолмаслигимиз учун онам билан сомонли далалардан бошоқ териб кун кўрардик. Бувижоним ҳам ёрдамга келардилар. Раҳматлик ажойиб аёл эдилар-да. Келинларидан ҳам ғайратлироқ меҳнат қиларди. У кишида эркакларда топилмас жасорат борлигини кўрардим. Ватанга муҳаббати, оилага, фарзандларига садоқати юксак эди. Шу туфайли барча мусибатларни енгиб ўтдилар.

1943 йили жангда оғир яраланиб госпиталга тушган Маҳамаджон Холматов соғайгач қишлоғига қайтди. Ўғлининг урушдан соғ-омон қайтганлиги Зулфия аянинг куйик қалбига бироз таскин берган бўлса-да, қолган фарзандлар доғи кун сайин унинг юрагини кемирарди.

Маҳамаджон урушдан қайтгач, меҳнатга яроқли катта-кичик эркакни тўплаб, колхозда ғалтакчилар бригадасини тузди. Далалардаги тупроқ ишлари, ғаллани ташишда бу матоҳ жуда-жуда асқотарди. Деҳқонни оғирини енгил қиладиган ундан бошқа қулайроқ техниканинг ўзи йўқ эди-да.

Орадан тўққиз ой ўтди. Маҳамаджон уйдагиларига билдирмай, кўнгиллилар сафида урушга жўнатишларини сўраб, Қорасувдаги район ҳарбий комиссариатига борди.

—Ахир онанг ёлғиз қолади-ку! Бригаданг нима бўлади? Колхозга сендек бақувват эркаклар ҳозир жуда-жуда зарур! Бунинг устига жароҳатинг ҳам ҳали яхши битиб кетмаган бўлса,-дея, қатъий рад этди ҳарбий комиссар.

—Далада ишлаш учун ўрнимга одам топаман. Соғлигим жойида. Акам ва укаларим, қолаверса, минглаб ўзбек йигитлари учун қасос олишим керак. Бундай имкониятни фақат сиз олиб бероласиз. Агар урушга қайтмасам, бир умр ўзимни лаънатлаб юраман,-дея, комиссарни ҳоли жонига қўймади.

Маҳамаджонни таклифи аввалига қатъий рад этилди. Вилоятдан ҳадеб, фронтга одам сўрашавергач, чорасиз қолган комиссар 1944 йил бошида Маҳаматжонга чақирув қоғози жўнаттирди.

Бўш қолган бағир

Зулфия Зокированинг мўъжаз ҳовлиси Холмат отадан кейин иккинчи бор ҳувиллаб қолди. Қалбидаги фарзанд доғини униттириб турган Маҳамаджонни шафқатсиз уруш яна бағридан юлиб олди-я. Зулфия ая уни бошқа фарзандларидан бошқачароқ суярди. Шу туфайли Маҳамаджонни ҳовли қилиб чиқишига изн бермади. Ўзи билан олиб қолди. Баланд бўйли, кенг яғринли, мўйлаби ҳам қалам билан чизилгандек ўзига ярашиб турган Маҳамаджон ҳам онаси пойида жон берарди. Иложи бўлса қўлини совуқ сувга урдирмаса. Онаизор шуларни ўйларкан: “Нега розилик бердим-а. Военкомга бориб: “Шунчасини ўлгани етар! Бунисини менга қолдир! Бир кунлигимга ярасин!” — деб, қаттиқ турганимда юзимдан ўтолмасди-ку! — дея ўзини койирди. Яна: “Эй банда Яратганнинг тақдиридан қаёққа ҳам қочардинг” — дея, ғудраниб қўярди.

Ўз ёғига ўзи қовурилиб юрганида, 1945 йили тўнғичи Исоқжондан қора хат келди.

—Бу нима, — деб сўради уни остонадан узатган колхоз раисига ғазаб билан тикилиб.

—Бу…Бу…Бу хат!-деди раис онанинг важоҳатидан қўрқиб.

— Қандай хат? Қорами? — такрор сўради раисдан.

— Йўқ!-деди раис ерга тикилиб.

Хатни унинг қўлидан юлиб оларкан: “Бу ҳақида бировга гапира кўрма. Хотини Лазокатнинг ўзи бир аҳволда юрибди. Ўғиллари Содиқ билан Анвар ҳар куни: “Отам қачон келади?” — деявериб юрагимни эзиб юборди. Аза очиб уларнинг бағрини қон қилишга тоқатим йўқ! Тушундингми? Энди бу ердан даф бўл, шумқадам!” — деганича хатни енги учига беркитиб тўғри ичкари уйга юрди. Бориб хатни сандиғи тубига ташлади. Бу ҳақида бошқа ҳеч кимга оғиз очмади. Раис ҳам миқ этмай ортига қайтди.

Қишлоққа уруш тугаганлиги ҳақида хушхабар тарқалди. Ҳамма қатори Зулфия ая ҳам беҳад суюнди. Хаёлида ўғли Исоқжон ҳали тирикдек эди. Гўё у укаси Маҳамаджон билан олдин-кетин кириб келадигандек… Шундай кунларнинг бирида — 1945 йил 22 июнда Маҳамаджонниинг турмуш ўртоғи Холматова Хидоятхон номига қора хат келди. Унда ўқчи Холматов Маҳамат ўз ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, чинакам қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиб, жангда вафот этгани, унинг руҳига ҳарбий ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб Польшанинг Вендралдроф районидаги қабристонга 6739-рақами остида дафн қилингани ​битилган эди.

Зулфия Зокирова ўқишга нўноқроқ эди. Шу боис: “ Ҳойнаҳой бу ҳам қорахат бўлса керак” деган гумонда ҳеч кимга ўқитмасдан уни сандиққа бекитди.

—Бувижоним иймонли, оқила, сабр-бардошли аёл эдилар, — дея ўша кунларни хотирлайди Зулфия Зокированинг набираси Раҳимжон Аҳмаджонов. — Шу боис бу шумхабарни ҳам тақдирга йўйиб, сир бой бермадилар. Бироқ амакимга аза очишгач, анча вақт ўзларига келолмадилар. Вақтини жойнамоз устида ўтказардилар. Қўлларидан тасбеҳ тушмасди. “Роббим! Ҳаммаси шаҳид кетишди-я. Уларни раҳматинга ол! Ҳаҳ жаннат йигитлари-я! Бўйларингдан ўргилай! Бири-биридан ширин болаларим бор эди-я! Аллоҳим! Менга ҳам улар ёнидан жой бер! Энди бу дунёда яшаб нима қилдим!” — дея, жойнамоз устидан турардилар… Шундай кунларнинг бирида ҳаммамизни ҳовлисидаги супага йиғиб насиҳат қилдилар. Келинларини сабр бардошли бўлишга ундадилар. Онам ва келинойиларимга қараб: “Сизларга зулм қилиб қўймадимми? Худодан қўрқаман. Ҳали ёшсизлар, лозим топсанглар турмуш қуринглар, мингдан-минг розиман. Фақат бир шарт билан. Набираларим жигаргўшаларимдан қолган ёдгорлик! Уларни менга қолдирасизлар!” — дедилар. Ҳамма бирдан уввос тортиб юборишди. Ҳеч ким бу таклифга розилик билдирмади. Бевалар бир умр садоқат йўлини танлашди. Шу туфайли бўлса керак, отам ва амакиларим тишлаб кетган бир чети кемтик нон йиллар бўйи девордаги қозиқда осиғлиқ турди. Бувижоним ўғилларнинг лоақал биттаси бўлса-да эшикдан кириб келар, деган умидда яшардилар. Умрининг сўнгги йиллари ҳар бирига бўздан алоҳида халтача тикдилар. Қотган нонлар бувимнинг вафотидан кейин ҳам ўша халтачаларда сақланди.

Кутилмаган меҳмон

Зулфия Зокирова тўнғичи Исоқжонни ҳамон кутмоқда эди. Келинлари ва набираларига: “Исоқжон тез-тез тушимга киряпти-я. Худо хоҳласа эрта-индин эшикдан кулиб кириб келади, катта тўй қиламиз”-деган сўзларни такрорлайдиган бўлиб қолди.

1946 йил ёз кунларининг бирида, икки уй наридаги қўшнининг ўғлини етаклаб ҳарбий кийимдаги барваста бир одам кириб келди. Зулфия ая келин ва набиралар қуршовида ҳовлидаги супада ўтирарди. Меҳмонга кўзи тушди-ю: “Ана Исоқжон келди!”- деб юборди. Ҳамма югуриб аскарга пешвоз чиқишди. Қарашса бегона киши экан. Келинлар ўзини ичкарига олишди. Зулфия ая меҳмонни супага таклиф қилди. Ҳол-аҳвол сўрашишгач, аскар кийимидаги киши ерга қараганича оҳиста гап бошлади:

—Мен Исоқжоннинг полкдошиман. Фарғонаданман. Исоқжон бу супа ҳақида жуда кўп гапирарди. Сиз оналари бўлсангиз керак-а. Фариштадек онам бор дерди, тўғри экан.

—Боламнинг ўзи қани?-сўради Зулфия ая.

—Белоруссияни немислардан озод қилаётгандик. Ўрмондаги жанглардан бирида душман пистирмасига дуч келиб қолдик. Ҳаммани қириб ташлашди. Мени ҳам ўлди деб ўйлашиб ташлаб кетишган. Аскарларимиз келгач, жоним узилмаганини кўриб, тезда госпиталга жўнатишади. Тақдир экан тирик қолдим. Кейин бориб Исоқжонни қабрини топдим. Ўша ўрмон яқинидаги қабристонга дафн этишибди, —дедию, пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Зулфия ая сўнгги умиди пучга чиққанидан тамоман карахт бўлиб қолганди. “Ўзинг бердинг ва ҳаммасини Ўзинг олдинг Эгам” —  дедию, уввос тортиб юборди. Шу кундан бошлаб Исоқжонга ҳам аза очди.

Хотима

Зулфия ая кенжаси Манзурани Тошкентнинг “Ўқчи” маҳалласига узатганди. Куёви Ортиқни ўз фарзандидек суярди. У ҳам аяни онасидек эъзозларди. Кунларнинг бирида куёвини ёнига чақириб: “Болаларимни уруш олди. Сени куёвим эмас, ўғлим деб, қабул қилганман. Уларнинг чала қолган меҳрини сендан топдим. Бундай ишлар ҳаётда камдан-кам бўлади болам. Кўриб турибсан, йилдан йилга кучим кетяпти. Вақти етиб омонатимни топширсам, қабримга ўзинг тушгин-а! Танамга бошқа номаҳрамнинг қўли тегмасин дейман-да!”-деб, васият қилди. Ортиқбой ака васиятни бажаришини билдириб, онанинг кўнглини хотиржам этди. Афсуслар бўлсинким, 1958 йили Ортиқбой ака шаҳарда трамвай уриши оқибатида вафот этди. Зулфия аянинг энди ҳаётдан умиди қолмагандек эди.

Қизи Манзура шаҳарда бир этак болалари билан бева қолди. Шу боис топганини жамлаб уни тез-тез йўқлайдиган одат чиқарди. Қишлоққа қайтгач, кечалари болаларининг исмини айтиб чақириб чиқарди. Ҳар ой нафақасини олганида Қўйлиққа тушиб, у бу нарса харид қилар, қишлоқ аёллари, қариндош уруғни чақириб уйида мавлуди шариф ўқитиб, хатми Қуръон туширтирар, савобини шаҳидларига бағишларди. Бу одат йил бўйи давом этарди. Шу билан қалби анча таскин топиб, хотиржам юрарди. Бир гал Манзурани йўқлаб шаҳарга борганида, трамвайдан тушаётиб ўзини бошқаролмай йиқилиб тушди. Оёғининг сон суяги синиб, уч йил тўшакда ётиб қолди.

Ўғиллари шаҳид кетишганлигини билса-да, бир умр эшикка термулиб: “Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон қайдасилар! Нега ҳамма келди силардан дарак йўқ! Мени соғинмадиларингми? Мен эса силарни қаттиқ соғиндим!”-дея, фарзандларини чорларди онаизор. Қазоси яқинлашган кунларнинг бирида набиралари Раҳим, Содиқ, Анвар, Турғун, Манноп ва Раҳматларни йиғди.

—Гапларимни яхшилаб эшитинглар,-деди ая уларга. — Раҳимжон сизларни ичингизда каттангиз. Оталарингиз ўзаро жуда иноқ яшашган. Бири иккинчиси учун жонини беришга тайёр эди. Сизлар ҳам шундай меҳр-оқибатли ҳаёт кечиринглар. Шунда оталарингни руҳи барчаларингдан рози бўлади. Мен ҳам қабримда тинч ётаман!

Зулфия Зокированинг бу сўзлари набиралар учун ҳаётда доим тўғри йўлни кўрсатди. Уларни камтарлик, Ватанга муҳаббат ва садоқат билан яшаб, бахт иқбол топишига сабаб бўлди.

Матонатли ўзбек аёлининг Ватан ҳимояси, унинг келажаги йўлида фарзандларидан жудо бўлгани, сабр-бардоши мамлакатимиздаги ҳар бир оила учун катта ибрат мактабидир.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи)