Тошкент ҳарбий округи Қўмондони Қуйи Чирчиқлик ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди (+фото)

2

Тошкент ҳарбий округи, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида Қуйи Чирчиқ туманида “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.


Унда Тошкент ҳарбий округи Қўшинлари Қўмондони полковник Зокиржон Сайфудинов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи майор Акобир Нуриллаев ҳамда ёшлар иштирок этди.


Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларимизни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, замонавий билим, мустаҳкам ирода ва қатъий ҳаётий позицияга эга ёшларни олий таълим, олий ҳарбий таълим муассасаларига киришлари ҳамда уларни ҳарбийлик касбига бўлган қизиқишини орттиришдан иборат.


Қизғин савол-жавоблар орқали ёшлар Қуролли Кучларимизнинг куч-қудрати, армияда хизмат қилиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги, соҳада берилаётган имтиёзлар ҳамда турли турли муаммоли саволларга жавоб олишди.
Мулоқотлар давомида фаол ёшлар Тошкент ҳарбий округи Қўшинлари Қўмондони томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланишди.


Тадбир сўнгида Чирчиқ гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри ва ансамбль жамоаси томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати