Коррупция ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликдаги йиғилиш бўлиб ўтди (+фото)

3

Тошкент ҳарбий прокуратураси Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар ҳамда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ва уларнинг туман бўлимлари ходимлари ўртасида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, уларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.


Мулоқотлар танқидий руҳда ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ҳамда 2020 йил чақирув мавсумида коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Сўз олганлар томонидан ҳарбий ва Қуролли Кучлар хизматчилари ўзларини мажозий маънода “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаши, шундагина барча ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашиш мумкин экани алоҳида таъкидланди.


Шунингдек, бугунги кунда мудофаа ишлари бошқармалари ва уларнинг туман бўлимларига фуқароларни муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилишда йўл қўйилаётган қонунбузилишлар ва жиноятчилик юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.


Тадбир якунида йиғилганларнинг бу борадаги фикр ва таклифлари тингланиб, барча саволларга мутасадди вакиллар томонидан жавоб берилди.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати