Бобур Мирзонинг “Махфий васиятнома”си ҳақида эшитганмисиз?

6

Бобур ижоди мисли бир уммон. Бу уммон ичида қандай дур-у гавҳарлар борлиги ҳеч биримизга тўлиқ маълум эмас. Шоҳ ва шоир ижодига тўхталар эканмиз, кўпгина изланишлар олиб борган тадқиқодчилар, шу жумладан, бобуршунос Хайрулла Исматуллаев қарашларига алоҳида эътибор беришимиз лозим.
Ўз ҳаётини бетоб фарзанди Ҳумоюнга беришга тайёр бўлган ота – ёзма васиятнома ёзиб қолдирган. Бу “Махфий васиятнома” деб аталиб, 935 ҳижрий йил ( 1529 йил 11 январ) “Нилуфар” боғида ёзилган.


“Махфий васиятнома” ўнг томондан доира ичида Бобурнинг “933. Подишоҳ Баҳодир ғозий Заҳриддин Муҳаммад Бобур” деб нақшланган муҳри ҳам берилган. Бу васиятнома Ҳиндистонни бошқаришга оид бўлгани учун ҳам махфий саналган. Бу васиятнома билан ҳинд профессорлари Сайид Росс Маъсуд , Ҳ.Шерваний ҳамда Жайпурдаги Ражастон университетининг профессори тарихчи олим Р. Натҳ таниш бўлган. Васиятнома форс тилида ёзилган. Ҳиндистонда сигир муқаддас бўлганлиги сабабли “Ҳиндистоннинг қалбини қўлга киритаман десангиз, сигир сўймоқдан ўзингизни тийинг, бунинг евазига халқнинг қалби сизга яқин бўлади”, дея насиҳат қилинади васиятномада.
Ҳозирги кунда Бобурнинг васиятномаси Бҳопал Давлат кутубхонасида сақланади. Унинг фотонусхасини биринчи бўлиб кутубхона мудири Б. Гошал олиб, жаноб Саид Росс Маъсудга юборган. Васиятнома настаълиқ хатида ёзилган.
47 йиллик умрининг 36 йилини жангу жадалларда ўтказган Бобур ҳиндлар орасида “Қаландар” номини олган. У тўғрисўз, ҳақиқатгўй солномачи, “Бобурнома” муаллифидир.

Руҳсора Зиёдовна,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети талабаси