“ЭНГ ИЛҒОР ДАЛА-ЎҚУВ МАЙДОНИ”  КЎРИК-ТАНЛОВИДА ТОШКЕНТ ҲАРБИЙ ОКРУГИ МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТДИ

16

Жорий йилнинг 3 – 27 июнь кунлари Мудофаа вазирлиги миқёсида “Энг илғор дала-ўқув майдони (ўқув объекти)” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Унда барча ҳарбий округ дала-ўқув майдонлари объектларининг бутлиги, ҳолати ва ўқув моддий-техник базасининг ишлаш механизми ҳамда қўшинларни барча турдаги жанговар тайёргарлик тадбирларини таъминлай олиш имкониятлари намойиш этилди.

Кўрик-танлов жараёнида Мудофаа вазирлиги қўшинларида дала-ўқув майдонларини жиҳозлаш бўйича ижобий тажрибаларни татбиқ этган, шунингдек, янги ўқув жойларини яратиш ҳамда ҳарбий округ полигонларида жанговар тайёргарлик тадбирларини мониторингини юритиш бўйича замонавий воситалар ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, 3-ўринга Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” дала-ўқув майдони, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг “Нуристон” умумқўшин ҳамда “Термиз” округ дала-ўқув майдонлари муносиб кўрилган бўлса, 2-ўринни Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ дала-ўқув майдони ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг “Муборак” умумқўшин дала-ўқув майдони қўлга киритди. Кўрик-танловнинг мутлақ ғолиби сифатида Шарқий ҳарбий округнинг “Фарғона” дала-ўқув майдони эътироф этилди.

Ғолиб ва совриндорларга Мудофаа вазирининг буйруғига асосан қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати